“Инновацион ғоялар ва ишланмалар” ҳудудий кўргазмаси

10:17, 23.03.2021 | 435

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда  Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари кесимида “Инновацион ғоялар ва ишланмалар ҳудудий кўргазмаси” ташкил этилди.

Кўргазма Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида фаолият юритувчи корхона ва ташкилотлар иштирокида ташкил этилди. Тадбирда жами 1,2 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Тадбирнинг расмий очилиш маросимида  Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шухрат Отажонов, Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Бўтаевлар иштирок этишди.

Кўргазманинг асосий мақсади ёшларнинг стартап-лойиҳаларини ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этиш орқали ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш,  замонавий талабларга жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ҳудудларни сифатли юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминлаш мақсадида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Инновацион ғоялар кўргазмасида 27 та ташкилот, шу жумладан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги 12 та олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари  ҳамда 15 та тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 113 та маҳсулот 25 та стандарт ва 5 та эксклюзив стендларда жойлаштирилган ҳолда намойиш этилди.

Олимлар томонидан яратилган тижоратлаштириш имкониятига эга ишланмаларни танлаш, баҳолаш ва жорий этишга тайёрлаш, бозор талабларига мос равишда жозибадорлигини ошириш мақсадида кўргазмада намойиш этилган ишланмалар орасидан 23 та истиқболли лойиҳа танлаб олинди. Ҳудудлар иқтисодиётидаги муаммолар ечимига ҳамда соҳаларни инновацион ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 3,1 миллиард сўм бўлган 5 та шартнома имзоланди.

Мазкур шартномалар тузилган лойиҳаларнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги инновацион ишланмалар бўлиб, уларни амалга ошириш натижасида пахта далаларини пуштага экиш учун тайёрлаш технологияси ишлаб чиқилади; ер майдонларнидан келтирилган тупроқлар кимёвий таҳлили амалга оширилади; соя навларидан юқори ҳосил олиш агротехникаси такомиллаштирилади; паст потенциалли иккиламчи энергия ресурслари иссиқлигини утилизациялаш қурилмаси синовдан ўтказилади, насос станциялари босим қувурлари гидравлик ҳисоблаш усуллари йўлга қўйилади.

Кўргазма доирасида ҳудудларнинг робототехника соҳасидаги салоҳиятини намоён этиш, мазкур соҳадаги истиқболли лойиҳаларни дастлабки босқичда аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, прототип яратишга, ўз навбатида лойиҳани амалиётга жорий этишга қаратилган “ Power of innovation” танлови саралаш ва тақдирлаш жараёни бўлиб ўтди. Танловда иштирок этаётган ишланманинг янгилиги, якунланганлиги, ижтимоий аҳамияти, замонавий технология ва янги материаллардан фойдаланилганлиги, халқаро ва илмий кўргазмаларда иштирок этганлиги ҳамда патентланганлиги инобатга олиниб, танлов ғолиблари аниқланди ва жами 30 миллион сўм қийматида пул мукофоти билан тақдирландилар.

Шу билан бирга ўтган йили ташкил этилган “Technoways” технологик ривожланиш марафонинг ҳудудий босқичи ўтказилиб, иштирокчилар лойиҳалари рўйхатга олинмоқда ва лойиҳа муаллифлари финал босқичига тайёргарлик кўрмоқдалар. Бу турдаги лойиҳаларнинг ҳудудлар кесимида ўтказилиши янги иқтидор эгаларининг кашф этилишига замин яратади.

Шунингдек, Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази томонидан “Энг яхши ишланма”, “Энг яхши стенд” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. Ташриф буюрган олимлар, ёшлар ва ихтирочилар билан сайёр учрашувлар  бўлиб ўтди.  

Кўргазма мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар, телеканаллар орқали  кенг ёритиб борилди.  Жумладан,  8  та маҳаллий электрон ОАВларида 15  тага яқин мақола, босма ОАВларда 10 тага яқин мақола чоп этилди. Тадбир бўйича  3 та  маҳаллий телеканали ва "Ўзбекистон 24 " телеканали орқали 10 га яқин хабар ва репортажлар  тайёрлади.

Шу билан бирга тадбир  вазирлик ва марказнинг   расмий сайт ва телеграм каналларида мунтазам ёритиб борилди ва 60 дан  ортиқ  фото ва видео  материаллар жойлаштирилди.